06/01/2020 sanasida Kun.uz saytida chop etilgan maqola.
Бир неча кун олдин дунё олимлари томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳақида ёзилган бешта китоб ҳақида маълумот бериб ўтган эдик. Бугун ўнталик рўйхатнинг иккинчи қисмига киритилган илмий асарлар билан таништирамиз.
1-қисм: Сўнгги 2 йилда дунё олимлари Ўзбекистон ҳақида ёзган 10та китоб
6. Хитой Халқ Республикасининг Марказий Осиё минтақасига алоҳида эътибори ҳеч кимга сир эмас. Айни шу масалани Веикинг Сонг «Хитойнинг Марказий Осиёга ёндашуви: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти» китобида ёритишга ҳаракат қилган.
Китобда Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Марказий Осиёнинг тўрт давлатидан иборат минтақавий ташкилот – ШҲТ батафсил кўриб чиқилган. Муаллиф 1996 йилда Шанхай бешлиги ташкил этилишидан бошлаб, 2001 йилда ташкилотга айланиши ва ҳозирги кунга қадар ривожланишини кўрсатиб беради.
Муаллиф Хитой ва бошқа аъзо давлатларнинг ташқи сиёсатини таҳлил қилиб, аъзо давлатларнинг манфаати ва кучи ташкилотнинг институтларини, функционал ривожланиши ва аъзо бўлмаганлар билан муносабатларини қандай белгилашини очиб беради. Профессор Сонг, шунингдек, ШҲТ доирасидаги сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ўрганиб, ташкилотнинг келгусида қандай ривожланишига оид фикрларини келтириб ўтган.
Китоб ШҲТни Хитойнинг Марказий Осиёга нисбатан умумий стратегияси нуқтайи назаридан кўриб чиққан. Ушбу асар, шубҳасиз, Хитойнинг Марказий Осиё билан алоқаси ва «Бир камар, бир йўл» ташаббусига қизиқувчилар учун фойдали монографиядир.
Муаллиф ҳақида: Веикинг Сонг – Хитойнинг Макао университети сиёсий фанлар кафедраси профессори.
7. Китоблар орасида таҳлилий мақолалар жамланмалари ҳам бор. Шулардан бири – америкалик тадқиқотчилар Дэниель Бургарт ва Тереза Сабонис-ҳелф таҳрири остида чоп этилган «Мустақиллик давридаги Марказий Осиё: Буюк Темурнинг қайтишими?» китобидир.
Китобнинг биринчи қисми минтақадаги ижтимоий масалаларга бағишланган. Мавзулар орасида ОИВ/ОИТС тарқалиши, ижтимоий тармоқлар, Исломнинг қайта кенг ёйилиши, миграция ва муаммоли чегаралар кабиларни учратиш мумкин. Иккинчи қисм иқтисодиёт ва хавфсизликка бағишланган бўлиб, Хитой билан алоқалар, янги инфратузилма, норасмий иқтисодиёт (бозорлардан тортиб жиноий тармоқларгача), энергетика, Фарғона водийсидаги анклавларнинг роли ва давлатларнинг кучишлатар тузилмалари таҳлилини ўз ичига олади.
Бешта кейс таҳлилига бағишланган якуний қисм ўқувчини Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати ривожида муҳим аҳамиятга эга омилга «чуқурроқ шўнғишни» таклиф қилади. Муаллифлар Қозоғистоннинг Евросиё ва Марказий Осиёга интеграцияси масаласи, Қирғизистондаги демократик экспериментлар, Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қурилишига интилиши, Туркманистон нефть-газ соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва Ўзбекистондаги кундалик бошқарув тизимини таҳлил қилишга уринишган.
Муаллифлар ҳақида: Дениель Л.Бургарт – АҚШ Миллий разведка университетининг миллий хавфсизлик ва Евросиё тадқиқотлари бўйича профессори. Тереза Сабонис-ҳелф эса Америка Миллий ҳарбий коллежининг миллий хавфсизлик стратегияси бўйича профессори.
8. Навбатдаги китоб ҳам ўзбекистонлик муаллиф томонидан ёзилган. Ливерпуль университети катта маърузачиси Мавлуда Сатторованинг монографияси «Инвестицион шартномалар ҳуқуқининг мезбон давлатларга таъсири: бу ҳақиқатан ҳам яхши бошқарувга элтадими?» деб номланган.
Халқаро инвестиция ҳуқуқи деганда одатда хорижий сармоядорлар учун яхши бошқарувни таъминлашга қаратилган нормалар тўплами тушунилади. Бироқ янги қарашларга кўра, инвестиция шартномалари ва инвестор-давлатлар ўртасидаги халқаро арбитражлар (низолашувлар) нафақат чет эл инвесторлари, балки мезбон давлатлардаги маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам самарали бошқарувни юзага келтириши мумкин. Яъни, инвестициялар тўғрисидаги шартномалар чет эл инвесторлари билан муомалада шаффофлик, барқарорлик, олдиндан кўра олиш ва изчилликни таъминламаганлиги учун мезбон ҳукуматларни жавобгарликка тортиш орқали айнан ўша давлатларда оқилона бошқарувни кучайтиришга хизмат қилиши мумкин, деб тахмин қилинмоқда.
Сўнгги пайтларда инвестиция шартномалари амалиётида, ҳакамлик судларида ва академик адабиётларда бу ҳол тез-тез тилга олинмоқда, бу эса масаланинг юридик, концептуал ва эмпирик асосларига доир саволларни келтириб чиқаряпти. Халқаро инвестиция ҳуқуқи ҳақиқатан ҳам маҳаллий даражадаги бошқарувда ижобий ўзгаришларга сабаб бўла оладими? Қабул қилувчи давлатлар инвестиция битимларига қандай муносабатда? Ушбу монографиянинг асосий вазифаси – халқаро инвестиция ҳуқуқининг инвестициялар қабул қилувчи давлатларга таъсири ҳақидаги мавжуд тахминларни аниқлашдир.
Муаллиф хорижий инвестицияларнинг оқими туфайли уни қабул қилаётган давлатлардаги бошқарув ва инвесторга нисбатан ҳуқуқий ёндашувнинг ижобий томонга ўзгараётгани ҳақидаги академик адабиётлардаги ҳукмрон бўлиб турган фикрни танқидий ўрганиб чиқади ва ушбу қарашнинг етарлича асосга эга эмаслигини ўзининг Марказий Осиё давлатларида олиб борган амалий ишлари ва интервьюлари асосида очиб беради. Тадқиқотда хорижий инвесторларни кўпроқ жалб этишга зўр бераётган Ўзбекистон бюрократияси учун муҳим тавсиялар ҳам келтириб ўтилган.
Муаллиф ҳақида: доктор Мавлуда Сатторова – Буюк Британиянинг Ливерпуль университети Ҳуқуқ ва ижтимоий адолат факултети катта ўқитувчиси. У ҳалқаро инвестиция ҳуқуқи соҳасида таниқли ёш олималардан саналади.
9. Ҳатто санъат ва сиёсатнинг алоқаси каби мавзулар ҳам тадқиқотчилар назаридан четда қолмаяпти. Этно-мусиқашунос Керстин Кленке томонидан қаламга олинган «Ўзбекистон мусиқий ҳаёти: Каримов давридаги мусиқа ва сиёсат» китоби айнан шу масалага бағишланган.
Китоб – Ислом Каримов давридаги мусиқа ва давлат сиёсати ўртасидаги чорраҳани кашф этишга бағишланган илк асардир. Муаллиф 20 ой давомида Ўзбекистонда бўлиб, ҳудудларда ўрганишлар олиб борган, архив маълумотларини кўриб чиққан. Натижада Ўзбекистон сиёсатидаги ўзига хос давр (2001-2016 йиллар), яъни ҳукумат давлат овози бўлиш учун бироз кутилмаган номзодни танлаган, деган хулосага келади. Бунда у эстрада, оммабоп мусиқа ва социализмнинг мусиқий ёдгорлигини назарда тутган.
Шу билан бирга, муаллифнинг кузатишича, эстрадага сиёсий аҳамият қаратилгани баробарида, унинг устидан давлат назоратини амалга ошириш учун бюрократик аппарат ҳам ишлаб чиқилган.
Китобда мусиқа, санъаткорлар ва давлат ўртасидаги муносабатларда совет даври меросининг таъсири сақланиб қолаётгани ҳақида ҳам сўз боради. Шунингдек, тадқиқотчи эстраданинг ноодатий кучга эгалигини ҳам очиб беришга уринган.
Муаллиф ҳақида: Керстин Кленке – Австрия Фанлар академиясининг фонограммалар архиви раҳбари, этно-мусиқашунос.
10. Рўйхатимиздаги сўнгги китоб – Марказий Осиё иқтисоди бўйича дунёда кўзга кўринган профессор Ричард Помфретнинг «XXI асрдаги Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти: янги Ипак Йўлини қуриш» асаридир.
Китобда бешта республика иқтисодиёти 2000 йилларнинг бошидаги хомашё нархининг ошишидан то 2014 йилгача пастлашига қадар таҳлил қилинади. Ричард Помфрет мамлакатларнинг ташқи кучлар билан муносабатларини ҳамда Хитой ва Европа ўртасидаги темир йўлларни ривожлантириш имкониятлари каби ривожланишга доир инфратузилма лойиҳаларини ҳам ўрганиб чиқади.
Ушбу давлатларнинг марказий режалаштирилган тизимдан бозорга асосланган иқтисодий тизимларга ўтиши 2000 йилларнинг бошларида, асосан минтақада энергия ва минерал хомашё экспортининг жаҳон нархлари кескин ўсиши билан тўхтаб қолди. Хомашё нархларининг ўсиши нефть ва газ экспорт қилувчилар – Қозоғистон ва Туркманистон ҳамда энг кўп аҳолига эга Ўзбекистоннинг даромадларини оширди, Қирғизистон ва Тожикистонни эса нефтга бой Россия ва Қозоғистондаги меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига қарам ҳолатга олиб келди.
Муаллиф Марказий Осиёнинг глобал иқтисодиётдаги кенгайган роли ва уларнинг Хитой, Европа Иттифоқи, Россия ва АҚШ билан турлича алоқаларини ҳам таҳлил қилган; минтақадаги сўнгги ўзгаришлар, жумладан 2016 йили Ўзбекистондаги бошқарувнинг ўзгарганига баҳо берган.
Муаллиф ҳақида: профессор Ричард Помфрет – Австралиянинг Аделаида университетида иқтисодиёт фанидан дарс беради. Шунингдек, Жон Ҳопкинс университетининг Болоньядаги факултетида ҳам ҳалқаро иқтисодиётдан сабоқ бериб келмоқда. Бунга қадар ҳам Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти ҳақидаги бир нечта китоблари нашрдан чиққан.
Алишер Умирдинов,
Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети
Бизнес ҳуқуқи факультети профессори.