Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Япония вакиллиги ташаббуси билан “Япониядаги инновацион ғоялар ва технологияларни Ўзбекистонга татбиқ қилиш” мавзусидаги илмий-амалий конференция ўтказилди. Конференцияда узоқ йиллардан буён турли соҳаларда ишлаб, юқори натижаларга эришиб келаётган Япониядаги ватандошларимиз ўз билим ва тажрибалари асосида шаклланган фикрлари билан ўртоқлашишди.
Тадбир тақдимотчиларидан бири, Нагоя иқтисодиёт университети Ҳуқуқшунослик факультети профессори Алишер Умирдинов япон адвокати Итоҳ Макото нинг 8 томлик “Ҳуқуқ фанига кириш” китоблари сериясини Нагоя иқтисодиёт университети ҳуқуқ факультети талабалари билан ўзбек тилига таржима қилиш лойиҳаси устида ишламоқда. Биринчи қисми Конституция кунига тугалланиши режалаштирилган. Қуйида профессорнинг Япония Мейжи даври таржимашунослигининг Ўзбекистон учун фойдали жиҳатлари мавзусидаги фикрларини ҳавола қиламиз.
1868 йилда Япония 200 йиллик дунёга ёпиқлик ҳолатидан чиқиб, чет мамлакатлар учун очилди. Мамлакат иқтисодий, ҳарбий ва технология жиҳатидан ўта қолоқ ҳолатда эди. 1896 йилда Япония Хитойни енгиб, ундан Корея ярим оролини тортиб олди. 1905 – йилда эса Чор Россияси флотини енгиб, ғалаба қозонди.
Хўш, 40 йил ичида Японияда нима содир бўлганди? Айнан шу давр Японияда император Мейжи Ишин даври (1868-1912) га тўғри келади. Япония учун Европа давлатларининг империализмидан халос бўлиш зарурияти мавжуд эди.
Мамлакатда “Фукоку кёуҳеи“ тамойили илгари сурилди. Бу мамлакатни бойитиш, армияни кучайтириш ёки бой мамлакат, кучли армия деган маънони англатади. Мейжи Ишин даврида Япония ташқи дунёга очилди. Таълим тизими ва армиянинг модернизацияси, солиқ тизимининг такомиллашуви ҳамда маҳаллий саноат, молия-банк тизимини кучайтирилиш бўйича ислоҳотлар олиб борилди.
Япония муаммоси
Мейжи давридаги мавжуд муаммолардан бири нотенг халқаро битимларнинг тузилиши эди. XIX-асрда дунё кучлари ва Япония ўртасида нотенг шартлар асосидаги савдо ва тинчлик битимлари тузилади. Ушбу битимлардаги муаммоли ҳолатлар жиноий ишларга оид юрисдикция ва божхона мустақиллигининг йўқлигида ҳамда бир томонлама “Eнг кўп қулайлик туғдирувчи режим“нинг мавжудлигида кўринади. Бунга феодал Японияда замонавий ҳуқуқ тизими йўқлиги рўкач қилинади.
Қандай ечим топди?
Япония нотенг битимларни қандай қилиб ўзгартира олди? Ҳуқуқ факультетларини ташкил этиш муаммони ҳал этилиши борасида катта ечим бўлди. Ҳозирда Японияда Француз ҳуқуқи Ҳосеи ва Мейжи Университетларида Инглиз ҳуқуқи Чуо Университетида, АҚШ ҳуқуқи Сеншу Университетида, Француз ва АҚШ ҳуқуқи Токё Универистетида ўқитилди.
Шунингдек, чет эллик мутахассислар ҳуқуқий маслаҳатчи ёки университет маърузачиси сифатида мамлакатга таклиф этилди. Энг иқтидорли элит талабалар Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг илғор университетларига юборилди.
Мейжи даврида хориж давлатлари кодекслари, қонунлари ва ҳуқуқий адабиётлари таржима қилина бошланди. 1868-1882 йиллар орасида япон тилига 9 мингдан зиёд китоб ва қўлланмалар таржима қилинди.
1912 йилга келиб Япония тенглар орасида тенг бўла олди ва барча нотенг битимларни ўзгартирди. Самурай руҳи ва ўқишга иштиёқманд япон халқини ривожланишнинг омили сифатида эътироф этилади. Натижада замонавий ҳуқуқ тизими жорий этилди.
Аҳолининг ўқиш-ёзишга қизиқиши Мейжи давридан олдин ҳам баланд бўлган. Камбағал самурайларнинг фидокорлиги, профессорларнинг ўз соҳалари бўйича дунё тилларини мукаммал эгаллаганлиги каби муҳим факторлар натижасида Япония ўз тараққиёт йўлида катта натижага эришди.
Бугунги кундаги Япон ҳуқуқ тизими суд қарорлари шаффофлиги, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, ҳуқуқий компаративизмнинг кучлилиги ҳамда судья, адвокат ва прокурор бўлиш учун ягона давлат имтиҳони ва марказлашган тайёргарликдан ўтказиш тизими мавжудлиги билан намуна бўла олади.
Ўзбекистон муаммоси
Тарихий ҳақиқат – айнан китоб таржимонлиги маданиятини юзага келтириб, араб таржимонлари юнон файласуфлари асарларини таржима қилишди ва уларни зулматга чўмган Европага қайтариб беришди. Айнан керакли ижтимоий ва табиий фанлар бўйича энг керакли китобларни Мейжи даврида оммавий таржима қилган японлар мустамлакачилик асоратидан қутилди.
Бизда академик таржимашунослик деярли ўлди. Мустақиллик йилларимизда аниқ ва ижтимоий соҳада деярли китоблар таржима қилинмади.
Япониядаги университетларга келадиган аксарият талабаларимиз бошида жуда қийналишади. Аммо улар билан бир хил дастур бўйича келган АҚШ, Европа, ҳатто Ҳиндистон ва Хитойдан бўлган талабалар қийналишмайди. Нега? Чунки хоҳ ижтимоий, хоҳ табиий фанлар бўлсин, уларда ўқитилаётган дарсликлар ўзаро бир-бирига анча яқин ҳисобланади. Инчунун четга чиқишса ҳам, баъзи бир тизим фарқларини ҳисобга олмаса, жуда тез кўникиб кетишади. Аммо ўзбекистонлик талабалар учун дастлабки йил жуда оғир кечади . Чунки улар ўзларига мутлақо нотаниш бўлган китоблар ва билимлар билан тўқнашади.
Таққослаш учун: дунёнинг нуфузли нашриётларидан чиққан (айниқса табиий фанларга доир) китоблар камида 1500-2000 саҳифадан иборат бўлади, суратлар ва схемаларга тўла саҳифалари талабани бошини кўтармай ўқишга мажбур қилади. Бизда эса китоблар саҳифалари жуда қисқариб кетган: нари борса 400 ёки 500 бет, талабада тасаввур уйғотувчи суратлардан фойдаланилмайди. Биология, кимё ёки геология соҳаларга оид китобларни олиб, Ғарбда чиққан шундай китоблар билан солиштириб кўринг, ер билан осмонча фарқни кўрасиз.
Қандай ечим топиш мумкин?
Ҳар бир соҳа бўйича энг устувор ва фундаментал билимларни берадиган илмий китоблар рўйхатини тузиб чиқиш лозим. Ундан кейин енг шимариб ишга тушиш керак. Бу масалада чет элдан ҳар бир соҳа олимига мурожаат этилиб, фан китобларимиз бирма-бир экспертизадан ўтказилса, ҳолатимиз қандайлиги аён бўлади.
Гўгл транслате билан ҳамкорлик қилиш, уни бойитиш ва мукаммаллаштириш, ўзбек тилига таржима жараёнини яхшилаш ва тезлатишимиз даркор. Тошкентдаги Жаҳон тиллари университетида бундай лойиҳалар қилиняпти, аммо бу ишни давлатнинг стратегик даражасига чиқариш керак.
Чет элдаги ватандош олимлар билан ҳамкорлик қилиш. Чет элдаги тадқиқот грантларидан китоб таржимаси лойиҳаларини молиялаштириш мақсадга мувофиқ. Ватанимиздаги таржимашунослик учун ҳамкорлик қиладиган олий таълим муассасалари ўқитувчиларини мажбурий равишда эмас, тақдирлаш йўли билан жалб этиш керак.
“Хорижда юксак ном қозонган илмий адабиётлар таржимасини қўллаб-қувватлаш маркази“ ни ташкил этиш лозим. Таржима қилмоқчи бўлган олимларга нашриёт ва босмахона ишлари бўйича амалий ёрдам кўрсатиш керак. Мисол учун, “Янги аср авлоди“ каби нашриётлар юртимиздаги номдор нашриётларни стратегик ҳамкор сифатида тайинлаб, чет эл нашриётлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шу орқали таржима қилмоқчи бўлган илмий ходим ва ўқитувчилар устидан югур-югур ишларни енгиллатишга эришиш бўйича амалий кўмак бериш керак.
2020-2030 йиллари учун 10 йиллик давр мобайнида амалга ошириладиган Хорижий илмий адабиётлар таржимаси бўйича стратегик режани ишлаб чиқиш ва таржимонларни рағбатлантириш мақсадида мукофотлар, мусобақалар ташкил этиш лозим.
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ахборот хизмати