Брекзит, АҚШ-Хитой савдо уруши, Россиядаги санкцияларнинг Ўзбекистонга ва, демак, оддий ўзбек ҳаётига билвосита таъсирини Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университетининг профессори Алишер Умирдинов таҳлил қилади.
Россия ва Ғарб санкциялари
Келинг, Россияга нисбатан жорий этилган халқаро санкцияларни таҳлил қилайлик. Халқаро санкциялар давлатлар ёки ташкилотларга қарши миллий хавфсизлик манфаатларини, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш мақсадида мамлакатлар, кўп томонлама ёки минтақавий ташкилотлар томонидан қабул қилинган сиёсий ва иқтисодий қарорлар бўлиб, дипломатик саъй-ҳаракатларнинг бир қисми ҳисобланади. Масалан иқтисодий, савдо, дипломатик, маданий ва бошқа чеклашлар қўлланиши мумкин. Иқтисодий санкциялар Россиянинг Қрим яриморолини халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда эгаллаб олгани туфайли киритилган. Шу ва бошқа омиллар туфайли Россия иқтисодиёти 2010-йиллардан бери кучли ривожланиш йўлига туша олмаяпти. Россиянинг ўзи эса табиий қазилмаларига қарам давлат мақомидан чиқиб кета олмай қолди. Бунинг натижасида эса россияликлар даромади кўп ошмай, мамлакатда доимий турғунлик ҳолати юзага келмоқда.
Хўш, буларнинг Ўзбекистонга нима таъсири бор дерсиз? Албатта таъсири бор. Миллионлаб мигрант ишчиларимизнинг Россиядан уйларига жўнатадиган пул ўтказмаларида катта ўзгаришлар бошланди. Олдинлари ойига 1000 долларгача топаётган мигрантлар энди зўрға 300-400 доллар топадиган ва уйига ҳам шунча кам жўнатадиган бўлди. Бу мигрант оиласидаги инсонларнинг сотиб олиш қобилияти ҳам пастлади деганидир. Бундан ташқари, Россия аҳолисининг ҳам харид қобилияти пасайгани ёки энг камида ўсмаётгани учун ҳам Россия бозорига мўлжалланган турли маҳсулотларнинг экспортида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Шундай бўлса-да, икки давлат раҳбариятининг конструктив дипломатияси натижасида 2018 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Россиянинг ўзаро савдоси олдинги йилга қараганда 21,2 фоиз ўсган. Икки томон ҳозирги савдо айланмасини яқин йилларда 2 баравар кўпайтириб, 10 миллиард АҚШ долларига етказишмоқчи. Ўзбекистонда Ғарб давлатлари санкциядан қийналаётган Россия бозорини ушбу имкониятдан фойдаланиб янада кенгроқ забт этиш имконияти мавжуд. У ердаги миллионлаб ҳамюртларимиз ҳам икки давлат ўртасидаги кўприк сифатида бунга ўз ҳиссаларини қўшади деган умиддаман. Шундай бўлса-да, Россиянинг Ғарб билан алоқалари яна нормаллашадиган пайтда рус бозоридаги рақобат қайтадан кескинлашади ва ўзбек маҳсулот ва хизматларининг у ердаги барқарор мавжудлиги ҳам ҳозирги имкониятдан бизнинг қай даражада фойдалана олишимизда деб ўйлайман. Бундан ташқари, Евросиё иқтисодий иттифоқини президент Путин пайдар-пай янги савдо шериклари билан боғлаш ҳаракатида эканлигини ҳам асло унутмаслик лозим. Шу боис бундан кейин Россия ва Ғарб муносабати қандай траекторияда ривожланади деган саволни яқиндан кузатиб бориш катта инвестор ёки сиёсатчилар учунгина эмас, балки аҳолининг ўрта қатлами учун ҳам муҳимдир.
Брекзит
Брекзит, яъни Буюк Британия ва Ирландия бирлашган қироллигининг Европа иттифоқидан кутилмаганда чиқиб кетиши масаласи. Оддий лондонликлар Брекзитнинг хомхаёл эканлигини айтаётган бир пайтда академиклар орасида аллақачон хавфсираш бошланган эди. Натижада аҳолининг 51 фоизи Европа иттифоқидан чиқишга овоз берди ва ҳозир Тереза Мей ҳукумати Англия парламентини Европа иттифоқи билан келишилган брекзит битимини ратификация қилишга чорласа-да, шу пайтгача бу уриниши икки марта чиппакка чиқди. Энди эса Буюк Британияни Европа иттифоқидан ҳеч қандай шартномасиз ажраб чиқиш каби хавфли ноаниқлик кутиб турибди.
Брекзит натижаси нима бўлишини мутахассисларга қолдирсак-да, брекзит оқибатининг Ўрта Осиё минтақасига таъсирига нигоҳ ташласак. Агар Британия Европа иттифоқидан чиқиб кетса, шундай бўладиган ҳам кўринади, шу пайтгача Европа иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар Буюк Британияга татбиқ этилмай қолади. Бу масала ҳозир юртимиз ва Европа иттифоқи ўртасида муҳокама қилинаётган халқаро иқтисодий шерикчиликка оид битим лойиҳасига ҳам тааллуқли. 2020 йилгача вақт бўлса-да, Буюк Британия каби муҳим ва катта бозор билан алоқаларимизни қайта кўриб чиқишимиз лозим. Унда ўзаро товар ва хизматлар савдоси бўйича божларни камайтириш асосий аҳамият касб этади. Албатта, Британия билан иқтисодиётимиз кўп боғланмаган ва у ерда ўзбекистонлик мигрант ишчиларни ҳам топиш қийин. Асосан ўқимишли ва Британиянинг яхши ширкатларида ишлаётган ватандошларимизни кузатамиз.
Шундай бўлса-да, евробондларни чиқарган жойимиз Лондон бўлиб, бизнинг турли соҳаларимизга ҳам салмоқли инвестиция Лондон халқаро молиявий маркази орқали кириб келади. Шундай экан, бундан кейин қироллик билан бўладиган халқаро иқтисодий муносабатларимизни қандай шаклда олиб боришни қайта кўриб чиқиш вақти яқинлашмоқда.
Кичик хулоса ўрнида айтсам, Европа иттифоқи каби идеал кўринган давлатлар иттифоқидан Иккинчи жаҳон уруши ғолибларидан бири бўлмиш Буюк Британия чиқиб кетмоқда. Буюк Британия чиқиб кетганидан кейин алоқаларни яна нормаллаштириш учун евроиттифоқ ва қироллик ўртасидаги янгича халқаро ҳуқуқий алоқалар жой-жойига тушгунча бироз вақт кетиши аниқ. Ушбу муддат давомида евроиттифоқ лидерлари сифатида Франция ва Германиянинг хаттиҳаракатларини яқиндан кузатишда давом этишда катта фойда бор деб ўйлайман.
АҚШ-Хитой савдо уруши
Келинг, энди АҚШнинг “ажойиб” президенти Доналд Трамп ва унинг Хитойга нисбатан иқтисодий босимлари ҳақида фикр юритсак. Жаноб Трамп асли сиёсатдон эмас. Кўчмас мулк магнати. Шундай бўлса-да, ҳаммани ҳайрон қолдириб яна бир номзод Ҳиллари Клинтонни енгган ҳолда АҚШ президентлигига сайланди. Жаноб Трампга катта шуҳрат келтирган чора-тадбирлардан бири унинг халқаро иқтисодий ҳуқуқ қоидаларини менсимаган ҳолда Хитой маҳсулотларига нисбатан божларни кескин ошириши бўлди. АҚШ ўз ишлаб чиқарувчиларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда 200 миллиард долларлик Хитой маҳсулотларига баланд божларни жорий қилди. Бунга эса АҚШ ҳудудида ишсизликнинг ортиши, ишлаб чиқарувчи компанияларнинг иқтисодий манфаатларни кўзлаган ҳолда Хитой ва унга яқин жойларга кўчиши, Хитой билан рақобатда кўплаб Америка компанияларининг хонавайрон бўлиши, АҚШ ва Хитой ўртасида савдо дефицити (товар айланмасида бир томон экспортининг ортиб кетиши)нинг бир неча юз миллиард долларга етиши ва Хитой мамлакатга инвестиция киритган АҚШ компанияларини ўз юксак технологияларини Хитой ҳудудига трансфер қилишга мажбурлаши сабаб бўлди десак, муболаға бўлмайди. Албатта, жаноб Трампнинг
кўплаб қарорлари (юқори мансабдорларни тез-тез алмаштириши, фикрини тезтез ўзгартитиши, Россия билан шубҳали алоқаси, “Twitter”да машҳурлиги, Яқин Шарқ дунёсини кўп безовта қилиши) эриш туюлса-да, АҚШнинг ўрта ва қуйи қатлами аҳолисининг эҳтиёжларини тўғри англаган ҳолда Хитойда босим остида қолган АҚШ компанияларини ўйлаши таҳсинга сазовор. Бу ҳолатни 2018 йил ёз ойларида Вашингтонга бориб, у ердаги ўрта қатламга мансуб фуқаролар билан гаплашганимда яққол сездим.
Трамп феномени ва брекзит дунё аҳолисини юраётган йўлини қайтадан ўйлашга мажбур этмоқда. Савдо либерализмининг ўрта ва қуйи қатламларни эътиборга олмаслик каби шафқатсиз сифатларини ҳам кўрсатмоқда. Бунинг натижасида нафақат дунё иқтисодиёти, балки Жаҳон савдо ташкилоти каби мукаммал кўринган халқаро иқтисодий ташкилотнинг баъзи муҳим институтлари ҳам фалаж ҳолга келиб қолмоқда. Мисол учун жаноб Трампнинг ЖСТ судьяларини тайинлаш ёки ваколати муддатини чўзишни орқага суриши ЖСТни низоларни ҳал этиш тизимининг оз функцияларини адо этиш имкониятидан тез орада маҳрум этади. Бундан ташқари, жаноб Трамп жамоаси NAFTA (Шимолий Америка эркин савдо битими)ни ва KORUS (Корея-Америка эркин савдо битими)ни ҳам ўзгартирди ва 2019 йилдан бошлаб Японияни ҳам икки томонлама савдо битими тузишга мажбурламоқда. Асосий мақсад АҚШнинг бизнес олами манфаатларини олдинга суриш ва АҚШ манфаатларини кучайтиришдан иборат.
Хўш, АҚШ-Хитой савдо урушининг бизга нима алоқаси бор? Нима учун биз у ҳақида ҳам бош қотиришимиз ёки хавотирланишимиз керак? АҚШнинг ўз бозорига экспорт қилинаётган хитой маҳсулотларига нисбатан 200 миллиард долларлик қўшимча божларни киритиши Хитойни қўрқитиб юборди ва иккала тараф ҳам 2018 йил декабрь ойида 90 кун ичида муаммони ҳал қилишга келишишди. Бунга Хитой бозори билан аллақачон кучли тарзда интеграциялашиб бўлган АҚШ бозоридаги турғунлик ҳам туртки бўлгани аниқ. Чунки 2019 йил бошидан дунё мамлакатлари иқтисодиётининг ўсиши икки гегемон ўртасидаги савдо уруши натижасида секинлашаяпти, бундан эса жаҳон бозорларидаги акциялар жабр кўришни бошлади.
АҚШ ва Хитой барча масалаларни 100 кун ичида ҳал этиш учун ўтган йил охирида бир қарорга келган бўлса-да, бу мураккаб иқтисодий масалаларни тезлик билан ҳал этиш қийинлиги аниқ. Мана, 2019 йил 1 мартга белгиланган муддат поёнига етса-да, ҳали аниқ ечим кўрингани йўқ. Шунинг учун тарафларнинг ушбу муддатни яна бир ойга узайтирган ҳолда музокараларни давом эттиришини эълон қилиши ажабланарли ҳолат эмас.
Бу ҳолат Ўрта Осиё давлатларига ҳам тааллуқли. Чунки Хитой биздан табиий газ, нефт ва бошқа маҳсулотларни харид қилади. Агар Хитойнинг АҚШ билан савдо уруши тўхтамаса, бу ўз-ўзидан мамлакатда ишлаб чиқариш секинлашувини билдиради. Чунки Хитой ва АҚШ савдо айланмаси 600 миллиард доллар бўлиб, ҳар йили Хитой АҚШ бозорига қиймати 400 миллиард доллардан зиёд маҳсулотни экспорт қилади. Яъни АҚШ Хитой учун дунёдаги энг катта бозор. Бошқа тарафдан Хитой бизнинг ҳам энг катта савдо шерикларимиздан ҳисобланади. Шундай экан, АҚШ билан давом этаётган савдо урушидан жиддий зарар кўрадиган Хитой Ўрта Осиё мамлакатларидан маҳсулот импорт қилишни камайтириши, харид нархларни пастлатиши ёки умуман тўхтатиши мумкин.
Яқин Шарқ ва Узоқ Шарқ
Келинг, Осиёдаги бошқа савдо шерикларимизнинг ҳолатини кўриб чиқайлик. Афсуски, Эрон ва Туркия иқтисодиётида ҳам аҳвол мақталадиган даражада эмас. АҚШ ҳукумати Эрон билан тузилган олтитарафлама ядровий битимдан чиқди ва Европа иттифоқини ҳам қийин аҳволга солиб қуйди. Эронга нисбатан санкциялар қайтадан жорий этилди. Бу эса Эрон иқтисодиёти учун жиддий зарба бўлади. Туркия ҳукумати эса ўсиб бораётган ташқи қарз, муҳожирлар туфайли юзага келаётган ички нотинчлик ва иқтисодий ҳолатнинг ёмонлашуви каби катта муаммолар қаршисида турибди. Бу Туркиянинг яқин муддатда хорижга жуда катта миқдорда инвестиция киритиши қийинлигини, ички бозорининг эса харид қобилияти кескин ошмаслигини билдиради. Гарчи Туркия билан алоқаларимиз қайтадан нормаллашган бўлса-да, ички муаммолардан қийналаётган турклардан жуда катта инвестицияни кутиш қийин. Эркин савдо соҳасида эса анча
имкониятлар бор ва ўтган йили Туркиянинг бизда етиштирилган аччиқ қалампирларни миллионлаб долларга сотиб олиши бунга ёрқин мисол. Айтиш жоизки, турклар жон деб биз билан эркин савдога доир халқаро битим тузишлари мумкин, фақат бунда ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатини яхшилаб ўйлаб қадам қўйиш керак. Бу масалада Иордания ва Туркия ўртасида тузилган эркин савдо битими муаммоларини эсга олиш кифоя.
Шу сабабли АҚШ ила ораси ёмон бўлмаган мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаган маъқул. Мисол учун Ҳиндистон бозори анча катта ва, гарчи муҳофазакор (консерватив) руҳда бўлса-да, Ўзбекистон товарлари учун харидор топилиши мумкин. Кейинги танлов Узоқ Шарқдаги Япония ва Жанубий Корея ҳисобланади. Жанубий Корея ва юртимиз ўртасидаги товар айланмаси катта бўлса-да, бу ҳолатда ҳам корейсларнинг биз билан бўладиган савдодан олаётган салдоси плюсда турганини унутмаслик керак. Япония билан эса савдо айланмамиз унча катта эмас. Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотига қараганда, 2017 йилнинг январь-октабрь ойларидаги ўзаро савдо ҳажми бор-йўғи 140 миллион АҚШ доллари бўлиб, шундан бизнинг экспортимиз 5 миллион АҚШ долларини ташкил этган холос. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йилга келиб ҳам Японияга экспортимиз 13 миллион доллардан ошмай, ўзаро савдо нисбати 52:1 ни ташкил этган. Йилига салкам 600 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилувчи гигант япон бозорига 13 миллион долларлик экспорт қилишимиз бизнинг экспорт имкониятларимизни етарлича ишлатмаганимиз ва япон бозори қоидаларини яхши ўзлаштирмаганимиздан бошқа нарса эмас.
Демак:
Ўзбекистоннинг энг катта икки бозори (Хитой ва Россия) АҚШ билан қарамақаршилик натижасида ўсишдан тўхтамоқда. Эрон эса иқтисодий санкциялар туфайли тиклана олмаяпти.
Хитой ва Россиянинг иқтисодий ўсишдан тўхташи ёки ўсишнинг пасайиши бизнинг товарларга нисбатан талабни пасайтиради. Шу сабабдан ҳам бизга янги, муқобил ва қўшимча бозорлар керак.
•
•
Янги бозорлар учун янгича руҳдаги савдо битимларини тузиш ва Жаҳон савдо ташкилотига кириш аҳамиятли бўлади.
Юқоридагиларга эришиш учун эса эркин савдо битимлари ва Жаҳон савдо ташкилоти бўйича алоҳида ва узоқни кўзлаган стратегия ишлаб чиқишимиз зарур. Бундай стратегияни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш учун бизга халқаро иқтисод ва унинг ҳуқуқини (савдо, инвестиция, молия, солиқ каби) яхши ўзлаштирган кадрлар керак. Уларни эса университетлар ва улар қошидаги ёки мустақил илмий тадқиқот марказлари етиштиради. Минг афсуски, бундай тадқиқот марказлари юртимизда жуда кам ва аксариятининг фаолияти суст, шаффоф эмас. Уларни зудлик билан ташкил этиш ва борларининг фаолиятини жонлантириш лозим.
Хулоса ўрнида
Экспорт қийматини 2019 йилда 18 миллиардга оширишни кўзлаётган Ўзбекистонимиз учун ушбу рақам эришса бўладиган маррами? Экспорт бозорларимизни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун бизда яна қандай имкониятлар бор? Агар шимол ёки шарққа қараб кенгая олмасак, жануб ва ғарбда биз учун яна қандай эгалланмаган бозорлар қолган? Мисол учун, 2019 йилда тузилиши кутилаётган Ўзбекистон-Европа иттифоқи иқтисодий ҳамкорлик битими бу борада юртимиз тадбиркорлари учун қандай имконият беради? Бу каби саволларга албатта жавоб топишимиз зарур.
Олдинлари дунё давлатлари билан унча ишимиз бўлмасди. Беғамроқ эдик. Энди эса чет элга товар экспорт қилишни кўпайтириб, хизмат кўрсатишни ривожлантирмоқчи бўлсак, дунё давлатларида нималар юз бераётганини тўғри ва аниқ таҳлил этиб боришимиз даркор. Чунки глобаллашиб, худди бир қишлоқдек ҳолатга келган ер шаридаги ҳар бир сайлов, ҳар бир катта иқтисодий ўзгариш бизнинг энг чекка қишлоқдаги деҳқон ёки бизнесменимиз чўнтагига бевосита бўлмаса ҳам, билвосита таъсир қилади.