Япониядаги ватандош: БМТ нуфузли органига сайланиш Янги Ўзбекистон учун янги даврнинг бошланишидир

ТОКИО, 17 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (ИҲК) аъзолигига сайлангани Япония жамотчилиги ва ушбу мамлакатда яшаб, меҳнат қилаётган ватандошларимиз томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Алишер Умирдинов,  Нагоя иқтисодиёт университети ҳуқуқ факультетининг доценти, ватандош:

— 2021 йил 1 январь кунидан Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 47 аъзосидан бирига айланади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати, инсон ҳуқуқларига эътиборнинг ошиши ва дипломатия соҳасининг фаоллашуви ушбу ажойиб натижага эришишда муҳим роль ўйнаган бўлса ажаб эмас. Бунинг сабаблари ҳақида ҳар қанча сўз юритсак ҳам кам.

Аввало, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ҳақида қисқача тўхталишни истардим. 2006 йилгача БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси сифатида фаолият юритган ушбу тузилма БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил 15 мартдаги 60/251-резолюцияси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга ўзгарди. Кенгаш БМТ Бош Ассамблеясининг ёрдамчи органи сифатида фаолият кўрсатмоқда. Кенгаш таркиби Бош Ассамблея томонидан тўғридан-тўғри ёпиқ овоз бериш йўли билан сайланадиган 47 аъзодан иборат бўлиб, улар 3 йил муддатга сайланади. Кенгашга аъзолик БМТнинг барча аъзо-давлатлари учун очиқдир ва Кенгаш аъзолари адолатли географик тақсимот тамойили асосида сайланади.

Кенгашнинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини умумҳурмат қилиш ва ҳимоя қилишга кўмаклашиш масалаларига йўналтирилган. Шунингдек, аъзо давлат инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқиши ва улар бўйича ўзининг тавсияларини ишлаб чиқиши лозим. Кенгаш бош идораси Женева шаҳрида жойлашган бўлиб, у йил давомида иунтазам тарзда мажлислар учун йиғилади ҳамда асосий сессияни қўшган ҳолда бир йилда 3 маротаба сессия ўтказади. Таъкидлаш жоизки, ушбу сессиялар энг камида тўққиз ҳафта давом этади.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида ягона вакил сифатида Кенгаш таркибида фаолият юритиши ҳар томонлама муҳим аҳамият касб этади.

 ИҲК фаолияти жуда қизғин кечиши аниқ. Айниқса, дунёнинг турли бурчакларида рўй бераётган инсон ҳуқуқлари масалаларида Кенгашгп аъзо давлатлардан фаоллик ва якдиллик кутилади. Бундан ташқари, Кенгаш фаолиятининг йўналишлари сифатида универсал даврий кўриб чиқиш процедураси, маҳсус процедуралар ва шикоятлар процедураси мавжуд бўлиб, бунда ҳар бир давлатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати бўйича маълумот Кенгашга тақдим қилинади. Ушбу жараёнларда қатнашиш орқали, шубҳасиз, мамлакатимиз вакиллари ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоясига доир жуда ноёб тажрибани тўплайди.

Жаҳондаги нуфузли ташкилотлар, Ўзбекистон Кенгашга ўз номзодини қўйишни эълон қилиши биланоқ ўз фикрларини билдиришни бошлаган ва бундан кейин ҳам юртимиздаги инсон ҳуқуқларига ҳурматни ошириш, халқимиз қадрини кўтаришга оид ислоҳотларни қадамма-қадам кузатиб бориши табиий ҳолдир. Шундай экан, БМТнинг нуфузли органига аъзоликка эришиш Янги Ўзбекистон учун ҳақиқий маънодаги янги даврнинг бошланиши бўлиши кутилмоқда.

https://dunyo.info/cyrl/site/inner/yaponiyadagi_vatandosh_bmt_nufuzli_organiga_saylanish_yangi_ozbekiston_uchun_yangi_davrning_boshlanishidir-JDa

Taklif etiladigan maqolalar

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *