Gulnora Karimova pullari yurtimizga qaytarilishi boshlandi (2022/02/15)

Adliya vazirligi o’zining rasmiy veb sahifasida Gulnora Karimova va uning sheriklari tomonidan jinoiy yo’l bilan orttirilgan va xorijga olib chiqib ketilgan pullarning bir qismini qaytarish bo’yicha aniq harakatlar boshlanganligini e’lon qildi. Xabardan ko’rinadiki, jinoiy yo’l bilan orttirilib, xorijga olib chiqib ketilgan moddiy manbalarni yurtimizga qaytarish masalasida xalqaro jinoyat huquqiga doir bir qancha yangi mexanizmlar ishlab chiqilishi ko’zda tutilyapti. Aytish kerakki, 2012 yilda qo’shni Qozog’iston Respublikasida yuz bergan “pullarni yuvish” (money laundering) masalasida ham shunga o’xshash amaliyot tadbiq etilib, Shveytsariya banklaridagi pullar alohida fondga qaytarilib, yoshlar siyosati va energetika samaradorligi sohasi uchun ishlatilishi belgilangandi. Adliya vazirligining Jamoatchilik bilan aloqalar bo’limi ham shunga o’xshash mexanizm haqida quyida xabar bermoqda. Pullar ishlatiladigan loyihalar ro’yhati esa bundan keyin ishlab chiqilishini tahmin qilsak bo’ladi.

Matnni to’liq keltiraman.

Ўзбекистон Республикаси Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан Г.Каримова ва унинг шериклари томонидан жиноий фаолиятдан орттирилган ва қонунга хилоф равишда мамлакатдан ташқарига олиб кетилган мол-мулкларни қайтариш бўйича фаол иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон ваколатли давлат органларининг Г.Каримова томонидан жиноий йўллар билан эгалланган мол-мулкларини мамлакатга қайтариш бўйича амалга ошираётган ишлари натижасида яқинда Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилди.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилнинг май ойида ҳам Франциядан 10 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган эди.

Шу билан бирга, жорий йил 11 февралда Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Унда томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўптомонлама траст жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Мазкур Жамғармадан Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш юритуви доирасида тўлиқ мусодара қилинган активларни қайтариш учун фойдаланилади. Шунингдек, Жамғарма Швейцарияда давом этаётган жиноий иш доирасида келажакда мусодара қилинадиган ҳар қандай қўшимча активларни қайтариш учун хам хизмат қилади. Ҳозирги кунда тахминан 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр.

Жамғарма бошқарув механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакилларидан ташкил топади. Шу орқали Швейцария ва Ўзбекистон активларни қайтариш жараёнига тўлиқ жалб этилади. Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (UNSDCF)га мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади. Ушбу лойиҳалар Жамғарма фаолиятида иштирок этувчи БМТ тизимидаги ташкилотлар томонидан бошқа ижрочи шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Барча лойиҳалар БМТнинг қоида ва низомлари асосида тузилган Жамғарманинг мониторинг ва баҳолаш тизимига мувофиқ назорат қилиб борилади. Фуқаролик жамияти институтлари Жамғарма фаолиятида маслаҳатчилар сифатида иштирок этади.

Жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлайди. Ушбу келишув имзоланганидан кейин Жамғарма ва унинг фаолияти ҳақида қўшимча батафсил ахборот берилади.

Бундан ташқари, Москва шаҳар суди томонидан Ўзбекистон судларининг Г.Каримова ва унинг шерикларига нисбатан чиқарган ҳукмлари тан олинди ва ҳозирда Россия томони билан Ўзбекистон Республикасига қайтариш учун мусодара қилинган мол-мулкларни сотишни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Қайтарилган маблағлар мамлакатимиз аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланади.

Адлия вазирлигининг
Жамоятчилик билан алоқалар бўлими

Manbalar:

  1. https://www.minjust.uz/uz/press-center/news/103285/
  2. https://www.admin.ch/gov/en/start/dokumentation/medienmitteilungen.msg-id-47337.html

Taklif etiladigan maqolalar

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *