Ўзбекистон расмийлари Россияга қарши санкцияларга риоя қилиш истаги борлигини ва уларни четлаб ўтувчи давлатга айланиш ниятида эмаслигини тасдиқлади, деди АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниел Розенблюм. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати АҚШ билан санкциялар режими бўйича маслаҳатлашган.
Сентябрь ойи бошида АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа бир қатор давлатларни Россия ва Беларусга импорти санкциялар билан чекланган товарларни етказиб бериш мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритди.
АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниел Розенблюм Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида рўйхатга асосан Россия билан фаол ишбилармонлик алоқаларини олиб бораётган давлатлар киритилганини айтди.
«Демак, бу потенциал хавф сифатида кўрилади, бу содир бўлаётганига айблов ёки далил эмас эди ва бўлмаслиги керак, бу шунчаки хатар», деб тушунтирди у.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати буни жуда аниқ тасдиқлаган ва унинг фикрича, санкцияларга риоя қилишни хоҳлашларини ва ўзбек компаниялари иккиламчи санкцияларга дучор бўлишини истамаслигини очиқ билдирган.
«Шунингдек, улар Ўзбекистоннинг санкцияларни айланиб ўтиш нуқтаси сифатида қўлланиладиган оғиш давлатига айланишини хоҳлашмаяпти. Ва улар санкциялар режими бўйича экспертларимиз билан, Молия вазирлигимиз ва Савдо вазирлигимиз билан жуда синчковлик билан маслаҳатлашдилар… Улар бу борада хусусий юридик фирмалар, экспертлар билан ҳам маслаҳатлашганга ўхшайди. Шунинг учун ҳукумат санкциялардан қочишга ёрдам бермаслик ғоясига содиқ, деб ўйлайман», — деди дипломат.
Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти Россия корхоналарига қарши санкциялар режимини бузгани учун Ўзбекистоннинг Promcomplektlogistic компаниясига нисбатан чекловларни жорий қилгани ҳақида ёзгандик. У бошқа компаниялар қаторида «Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш» да гумон қилиниб, «қора рўйхат»га киритилган.
«Promcomplektlogistic хусусий компаниясига ушбу мақом берилиши бутун дунё бўйлаб манфаатдор тижорат томонларга огоҳлантириш бўлиб хизмат қилиши керак: агар сиз санкциялар остидаги юридик ёки жисмоний шахслар билан бизнес юритадиган бўлсангиз, санкцияга тушиб қолишингиз мумкин», — дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.
Апрель ойида эса Ўзбекистонда банклар қатъий санкцияга тушган банклардан олинган кредитларни иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компанияларини жалб қилаётгани айтилганди.
Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди ҳам мамлакатдан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланмаслик кераклигини таъкидлади.